Workshops continue


Мамлакатимиздаги  ўрта таълим мактаблари дастурларида  сув ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ўтилаётган дарслар ҳажми жуда камлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу эса ўз навбатида мактаб ўқувчилари онгида  экологик маданиятни  шакллантиришда оқсоқликни юзага келтирмоқда. Қолаверса уларни ўқитаётган ўқитувчиларда ҳам  сувни асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш ёки  табиатни чиқиндилар билан ифлос қилмаслик борасидаги  маълумотлар етарли эмас. Буни ҳособга олган  “Сувчи” жамоат бирлашмаси мутахассислари  ҳамкор ташкилотлар – Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё Минатақавий Марказининг мамлакатимиздаги филиали билан биргаликда амалга ошираётган “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ва ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасидаги тадбирларида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

5.jpg (28 KB)Бунга мисол қилиб 2019 йилнинг 11 декабрида Сирдарё вилоятида бошланиб  Фарғона, Сурхондарё, Қорақалпоғистон Республикасида давом этган ва 2019 йилнинг 26 декабрида Хоразмда якунига етган   “Республиканинг 6 та ҳудудида сув-экология масалаларидан аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар” мавзусидаги  семинар-презентацияларни  келтириш мумкин. Жойлардаги халқ таълими бошқармалари билан ўтказилган бу семинарларда асосан  бераётган дарслари  сув ва экология соҳасига  яқин бўлган 300 нафардан ошиқ табиатшунослик, география, биология фанлари ўқитувчилари иштирок этишди. Уларга семинарларда бирлашма мутахассислари  “Орол инқирози ва уни юмшатиш”, “Сув–бу ҳаёт шарбати” , “Маиший ва саноат чиқиндилари, уларни тўплаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш”,  “Глобал иссиқлик даврининг оқибатлари”, “Атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва муҳофазаси” мавзуларида  материаллар тақдим қилиб, видеороликлар  намойиш этишди. Мавзуларга оид турли слайдлар орқали  инсоният истеъмол қиладиган энг азиз неъмат – сувга, уни тежаш технологияларига  оид маълумотлар беришди. Маиший ва саноат чиқиндиларининг кун сайин кўпайиб бораётгани, уларни тўплаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш билан боғлиқ муаммолар юзасидан фикрларини баён этишди. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши билан боғлиқ маълумотларни келтиришди.  Орол инқирози ва уни юмшатиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида баҳс-мунозаралар ўтказишди.

1.JPG (7.04 MB)    2.jpg (121 KB)

Қайд этиш лозимки, ҳар бир ҳудуддаги ўқитувчилар билан ўтказилган бундай семинарларнинг аҳамияти ва зарурлиги хусусида маҳаллий оммавий ахборот воситалари  (газета, радио, телевидения, интернет) да кўплаб мақола  ва хабарлар берилди. Буларнинг ҳаммаси  ўз навбатида  аҳоли орасида  сувни тежаш ва атроф-муҳитни чиқиндилардан холи қилиш масаласини кенг ёйишда муҳим аҳамият касб этди. Ўйлаймизки, "Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш" лойиҳасининг навбатдаги босқичининг халқ таълими тизимидаги ўқитувчилар билан ўтказилиши ниҳоятда фойдали бўлиб, берилган материаллар улар тарбиялаётган ёшларнинг сув ва экология масаласидаги дунёқарашларини ижобий томонга ўзгаришида  катта роль ўйнайди.

3.jpg (57 KB)   4.jpg (40 KB)

 “Сувчи” жамоат бирлашмаси мутахассислари  кириб келган 2020 йилнинг январь-февраль ойларида ўз ҳамкорлари билан бундай семинарларни аҳолининг бошқа қатламлари билан ҳам ўтказишни режалаштирган.