Water is Life!


Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақасидаги Экология марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда “Сувчи” жамоат бирлашмаси биргаликда “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида мактаб ўқувчилари учун сув-экология масалалари юзасидан  тадбирлар ўтказмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 30 июль куни Хоразм вилоятининг Хонқа туманида жойлашган “Жайхун қуёши” деб номланган ёзги болаларни соғломлаштириш оромгоҳида бўлиб ўтди.

Семинар-презентация сифатида ташкил этилган бу тадбирда оромгоҳда дам олаётган турли ёшдаги ўқувчилар, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича вилоятда фаолият юритаётган мутасаддилар, шунингдек, «Сувчи» жамоат бирлашмаси мутахассислари иштирок этди.

Анжуманда қатнашган ўқувчи-иштирокчиларга сув-экология масалалари билан боғлиқ бўлган “Сув – ҳаёт демакдир” мавзуидаги  презентацияни лойиҳа раҳбари Т.Мажидов ва лойиҳа мутахассиси А.Хўжакуловлар тақдим этишди. Видеолавҳалар ва слайдлардан фойдаланиб йиғилганлар ҳукмига ҳавола этилган презентацияда кайд этилишича сув — ҳаёт шарбати бўлиб, у ер юзида энг бебаҳо неъмат сифатида қадрланади. Уни такдим этган маърузачи ўз сўзида  юртимизда кейинги йилларда сувга бўлган эҳтиёж табора ортиб бораётганлиги, унинг қай тарзда мамлакатимизда пайдо бўлиши,унинг нималарга сарфланиши борасида ҳам ахборот  бериб ўтди. Республикамиздаги асосий сув ҳавзалари борасида (дарёлар, каналлар, сув омборлари ва ҳ.к) маълумотлар берди. Табиат неъматларидан, шу жумладан, сувдан оқилона фойдаланиш учун одамлар, ёшлар,ўқувчилар нималар қилиши кераклиги хусусида тавсиялар берди. Бу жараёнлардан ўз тенгдошларини хабордор этишда мактаб ўқувчиларининг ҳам ўз ўрни борлигини таъкидлади.

Маъруза тугагач лойиҳа консультанти М.Қаландарова ўқувчилар ўзлари яшаётган вилоят сув хўжалиги ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлиши кераклигини таъкидлаб ўзи Хоразм вилоятининг сув-экология масалалари бўйича умумий ҳолати, яъни Хоразмда нечта дарё ва сойлар,сув омборлари,насос стациялари ва бошқалар мавжудлиги хусусида йиғилганларга ҳикоя қилиб берди.

 

Маърузадан сўнг мутахассисларга ўқувчилар ва бошқа йиғилиш иштирокчилари томонидан мавзулар бўйича саволлар берилди. Саволларга маърузачи ва бошқа сув хўжалиги мутасаддилари қониқарли  жавоблар қайтаришди.

  

«Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш» лойиҳаси доирасида сув-экология масалалари бўйича Хоразм вилояти мактаб ўқувчилари билан “Жайхун қуёши” номли ёзги болаларни соғломлаштириш оромгоҳида ўтказилган тақдимотлар ва давра суҳбатидан йиғилганлар катта таассурот олишди.

 

               Сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш
Республика “Сувчи” жамоат
 бирлашмаси